Адлия вазирлиги томонидан 2019–2020 йилларда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати ўрганилди. Ўрганиш давомида айрим ташкилотларнинг норма ижодкорлиги қориқарсиз деб баҳоланган. Бу ҳақда 11 декабрь куни Адлия вазирлигида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди.
Таъкидланишича, 2019–2020 йиллар давомида вазирликнинг давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолияти йўналишида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 5 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари келиб тушган. Улардан 4 700 дан ортиғи ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 350 та лойиҳа ўтказилмасдан қайтарилган.
Қонун ҳужжатларини вазирлик томонидан «E-xat» дастури орқали 140 дан зиёд давлат органлари ва ташкилотларига ўз вақтида етказилган.
Қолаверса, бугунги кунда вазирлик томонидан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши» ахборот тизими яратилиб, ушбу тизим орқали 600 тага яқин давлат органларига ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига электрон шаклда юборилиши таъминланган.
Айрим давлат органлари томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини инновацион усуллари, веб-технологияларидан етарли фойдаланилмаганлиги боис кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда. Бизга келиб тушаётган ариза ва лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда маълум бўладики, баъзи ташкилотларда норма ижодкорлиги йўқ. Яъни бераётган аризаси ҳуқуқий меъёрларга тўғри келмаслигини била туриб, бизга юборишади. Биз унинг хулосасини бериб бекор қилсак ҳам, қайтадан ўзгартиришлар киритмасдан яна юборишади. Бу эса муаммо устига муаммо туғдиради.Шунингдек, давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида 19 та соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган. Натижада 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ва 13 та таҳлилий маълумотномалар тегишли тартибда ҳукуматга киритилган.Адлия вазири ўринбосари, Баҳром Қўчқоров
Мажлисда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа давлат идораларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотлари эшитилиб, танқидий муҳокама қилинди.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашда жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу жараёнга иштирокини янада фаоллаштириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг лойиҳасини жонли муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.