Арманистон пойтахти Ереван марказида бўлиб ўтаётган норозилик намойиши қатнашчилари мамлакат бош вазири Никол Пашиняндан истеъфога чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Намойишчилар Пашинянга ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишини эълон қилиши учун 11 ноябрь ярим тунгача вақт берган. Хабар берилишича, Пашинян истеъфога чиқишдан бош тортса, намойишчилар «унинг кетиши билан боғлиқ масалани мустақил ҳал қилишга» ваъда берган. Мухолифат вакиллари эса Пашинян истеъфога чиқишдан бош тортган тақдирда, матбуот анжумани ўтказишни ва кейинги ҳаракатлар ҳақида маълумот беришни ваъда қилган.
Шу билан бир вақтда, «Яшнаётган Арманистон» мухолифат партияси вакиллари Пашиняннинг истеъфоси масаласини ҳал қилиш учун парламентнинг навбатдан ташқари мажлисини чақирган. Мажлис Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланган.
Никол Пашинян 10 ноябрга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзолади. Мазкур келишувга кўра, Тоғли Қорабоғ ҳудудининг қарийб ярми Озарбайжон назорати остида қолади.
Келишув имзолангани ҳақида маълум қилинганидан кейин Ереванда норозилик намойиши бошланди. Намойишда ўн минглаб одам қатнашмоқда. Пашинянга қарши бўлганлар келишувни «сотқинлик» деб атаган.
Аввалроқ Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ атрофида юзага келган мажбуриятлар учун жавобгар эканлигини маълум қилганди. Унинг фикрича, Тоғли Қорабоғдаги урушни тугатиш учун келишувни имзолашдан бошқа чора йўқ эди. Пашиняннинг айтишича, Арманистон жанговар ҳаракатларни давом эттирганида, нафақат Тоғли Қорабоғ пойтахти Степанакертни, балки бутун Тоғли Қорабоғни қўлдан чиқарган, минглаб ҳарбий хизматчилар қуршовда қолиб кетган бўларди.
Арманистонда 2018 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган парламент сайловида мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Серж Саргсян бошчилик қиладиган ўнг консерваторлар партияси 49,12 фоиз овоз тўплаб ғолиб чиққанди. Шундан сўнг, Серж Саргсян номзоди бош вазир лавозимига илгари сурилган ва бунга қарши Ереванда намойиш бошланган. Ўшанда Арманистон парламенти депутати бўлган Никол Пашинян Ереван аҳолисини оммавий бўйсунмаслик акцияларини уюштириш, жумладан, кўчалар ва кўприкларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилиш, метрополитен фаолиятига йўл қўймаслик, банклардаги барча ҳисоб рақамларидан пулларни олишга чақирганди. Арманистонда намойишчилар давлат муассасаларини қамал қилишга киришгач, Никол Пашинян мамлакатда инқилоб бошланганини эълон қилган.
Арманистон бош вазири бўлган Серж Саргсян унинг тайинланишига қарши уюштирилган оммавий чиқишлардан сўнг лавозимини тарк этишга мажбур бўлган. Бунинг ортидан ўша пайтда Арманистондаги мухолифатчилар етакчиси, «Елк» партиясининг парламент фракцияси раҳбари Никол Пашинян мамлакат бош вазирлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказилган, кейинроқ бош вазир этиб тайинланган.
Никол Пашинян 2018 йилнинг октябрь ойида мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишига эришиш мақсадида истеъфога чиқди ва бош вазири вазифасини бажарувчи сифатида парламентни тарқатиб юборди. 2018 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловида Пашиняннинг партияси ғалаба қозонди.