Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни бирламчи тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш чора-тадбирларига бағишланган видеоконференция ўтказгани ҳақида хабар берилганди.
«Gazeta.uz»нинг хабар беришича, Президент туман ҳокимларидан бирига мурожаат қилиб: «Бизда давлат муассасаларида тиббий ёрдам бепулми ёки пулликми? Бу саволга адолатли жавоб йўқ», деган.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, жойларда фуқаролар қайси хизматлар ва дори-дармонларнинг пуллик, қайси бири бепул эканлигини билмайди. «Бу одамлар орасида адолатли норозиликни келтириб чиқаради. Таҳлил натижаларига кўра, бир ой ичида шифокорларга мурожаат қилган оилаларнинг 43 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизимида кўрсатилган хизматлар учун пул тўлаган. Кимдир бунга қўшилмаслиги мумкин, аммо менда маълумотлар бор», — деган давлат раҳбари.
Сирдарё вилояти мисолида соғлиқни сақлаш тизими ҳар бир бўғинининг вазифалари аниқ белгиланади ва давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг алоҳида пакетлари ишлаб чиқилади. Пакетларни молиялаштириш учун давлат тиббий суғурталаш механизмлари жорий этилади ва алоҳида фонд яратилади.
«Ўз ҳудудида қайси вилоят, шаҳар ёки туман ҳокими ушбу муаммони муҳокама қилган ва туман соғлиқни сақлаш бўлими, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, поликлиника, қишлоқ врачлик пункти раҳбарини ишдан бўшатган ёки вазирлик олдига масала қўйган? Афсуски, буни бирон бир ҳоким амалга оширмади. Уларнинг барчаси одамларнинг муаммоларига бефарқ — бу хулоса», — деди Президент.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги соғлиқни сақлаш тизими умуман ишдан чиққанлигини, тартиб, интизом ва талаб йўқлигини таъкидлади.
«Аҳоли бундан умуман рози эмас, бу ҳам ҳақиқат. Шаҳар касалхоналарида беморларнинг бирортаси ишини пулсиз ҳал қилмайди. Афсуски, бу ҳаёт қоидасига айланди. Менда жуда кўп маълумотлар бор», — деди давлат раҳбари.
Шу сабабли, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига Анвар Алимов янги раҳбар этиб тайинланди ва унинг мақоми соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарига тенглаштирилди.
Президент соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Анвар Алимов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Туркия ва бошқа мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини ўрганиш ва уни пойтахтда татбиқ этиш тўғрисида таклиф киритиш тўғрисида топшириқ берди. Бундан ташқари, улар пойтахтнинг ҳар бир туманида битта поликлиника ва шифохонани танлаб олиб, уларнинг фаолиятини янги услубда уйма-уй юриш, кўп қаватли уйлар ёнида қабуллар ўтказиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзи ташвиқотини олиб бориш асосида ташкил этиши керак.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг маълум қилишича, фаолияти кўриб чиқиладиган касалхоналар ва клиникалар танлаб олинган. Унга кўра, тиббиёт муассасаларидан бирида 113 нафар ходим 34 минг кишига хизмат кўрсатмоқда. Ҳокимнинг таъкидлашича, 14 нафар ходимни ойига икки марта аҳолини уйма-уй юриб текшириш учун ажратиш мумкин.
«Касалхона раҳбари ишсиз ходимлардан қайси бирини ишдан бўшатиш кераклигини билишини айтади. Шу туфайли (ходимларнинг) иш ҳақи 35—40 фоизга ўсади», - деди ҳоким.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фикрига кўра, шаҳардаги 64 та поликлиникани жиҳозлаш ўрнига, туну-кун ишлайдиган тўртта йирик ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасини ташкил этиш яхшироқ.
«Бу кўп миқдордаги бюджет маблағларини тежашга ва одамларга янада сифатли хизмат кўрсатишга ёрдам беради. Масалан, пандемия пайтида хусусий клиникада 160 та МСКТ текшируви (мултиспирал компьютер томографияси — таҳр.), давлат муассасасида эса 37—40 текширув амалга оширилган. Бир кунда улар тўрт баравар кам одам қабул қилганда нима учун ҳукумат 44 та ускунани етказиб бериши керак? Яхши, улар давлатники бўлсин, лекин биз туну-кун ишлайдиган марказий жойларни яратишимиз керак», - деди ҳоким.
Мавзуга доир:
- «Пойтахт шифохоналарида бирорта беморнинг иши, афсуски, пулсиз битмайди» — Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ҳақида
- Шавкат Мирзиёев: Тиббиёт тизимининг камида 50 фоиз иши аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўлиши лозим
- Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида «тиббиёт кластерлари» ташкил этилади
- Шавкат Мирзиёев: Оилавий шифокорга ёрдам берадиган «тиббиёт бригадалари» ташкил этилади
- Ўзбекистонда чекка ҳудудлардаги муассасаларга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 млн сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади