Ўзбекистонда 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сони ва давомийлиги 2019 йилга нисбатан икки баравар камайган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати мониторинг маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, электр таъминоти барқарорлигига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири – мавжуд электр станциялари ва электр тармоқларини модернизация қилиш. Ушбу йўналишда Энергетика вазирлиги томонидан мунтазам иш олиб борилмоқда, бу 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сонини икки баравар камайтиришга имкон берган.
«Ўзбекистонда мавжуд электр станцияларининг жорий қуввати мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётига, жумладан, куз-қиш даврида электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ қондириш имконини беради. Хусусан, истеъмолнинг энг юқори юклама (пик) пайтида, айниқса, совуқ ва иссиқ мавсумда содир бўладиган электр энергиясидаги узилишларга келсак, бу, одатда, эскирган электр станциялари билан боғлиқ ҳолат бўлиб, бунда мамлакат электр энергияси катта миқдордаги ихтисослаштирилган ускуналар билан таъминланади, модернизация қилинади ва агар керак бўлса, уларни алмаштиришда керак бўлган молиявий, бошқа зарур ресурсларни ажратиш билан босқичма-босқич амалга оширилади», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизи 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига сабаб бўлади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади.
«Шу билан бирга, аварияга қарши автоматиканинг ишлаши орқали тизимда катта аварияларнинг олдини олиш учун бундай узилишлар амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, ана шундай пайтларда Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон ва қўшни давлатлар электр энергетика тизимларининг интеграциялашуви кейинги бир неча соат ичида электр энергияси таъминоти қайта тикланишининг кафолати ҳисобланади», – дейилади вазирлик маълумотида.
Қайд этилишича, электр станциялари ва электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича ишлар ҳар куни давом эттирилмоқда, электр таъминотидаги узилишлар сони ва давомийлиги бўйича алоҳида мониторинг ўрнатилган, бу электр таъминотидаги муаммоли жойларни топишга ва уларни бартараф қилишга имкон беради.
Аввалроқ Ўзбекистонда авария сабаб узилиб қолган Туркманистон электр энергиясининг импорти тиклангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, октябрь охирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021–2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик бўйича топшириқ берган.