Америка ва бутун дунё адабиётида ўз ўрнига эга, асарлари билан миллионлаб ўқувчиларини топган Эрнест Хемингуэйнинг машҳур асари «Чол ва денгиз» 1952 йил 1 сентябрда илк марта нашр қилинган эди. «Дарё» сана муносабати билан асар ҳақидаги қизиқарли фактлар ҳақида ҳикоя қилади.
Ёзувчи ҳақида
Америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэй 1899 йил Американинг Иллинойс штатида шифокорлар оиласида туғилган. 1954 йилда Нобел мукофоти лауреати бўлган. Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси экани асарларида жанг майдонларининг бемисл суратларини акс эттиришида пойдевор вазифасини бажарди. Дастлабки ҳикоялар китоби — «Бизнинг замонда», «Қуёш чиқади», «Алвидо, қурол!» (1929) романларида ҳам уруш саҳналари ёрқин ифодаланган эди.Хемингуэй асарларида дастлабки журналистик кузатув ўрнини таҳлилий, қиёсий мулоҳаза ва мушоҳадалар эгаллайди. У ҳар қандай урушни қоралайди, шу туфайли инсоният азият чекаётганига эътибор қаратади. Инсон ҳуқуқлари йўлида, озодлик курашида ёлғиз майдонга тушишнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келишини оддий кишилар образи орқали ифодалайди. Асарлари орасида «Чол ва денгиз» қиссаси Хемингуэйга катта шуҳрат келтирди. Ёзувчи асос солган ХХ асрнинг ўзига хос бўлган қат’ий холисликка асосланган услуби кейинчалик Америка ёзувчилари томонидан янги йўналиш сифатида қаралди ва қўлланилди.
«Чол ва денгиз» асари ҳақида
Эрнест Ҳемингуэй машҳур «Чол ва денгиз» асарини 1952 йилда Багама оролларида 51 ёшида ёзган эди. Касаллик ёзувчи ҳаётига хавф солиб турганда ҳам ушбу асари орқали бетакрор образларни яратди. Асар икки ой ичида давомида тугалланган эди. Қаҳрамонлар оддий образлар орқали тасвирланган бўлса ҳам, замирида ҳаёт ҳақиқатининг чизгилар бор.Демак, асар Хемингуэйнинг умри охирда ёзилган машҳур асари. Унда кубалик балиқчи, кекса Сантьягонинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Шуни айтиш керакки, «Чол ва денгиз» асарида, аввало, инсон ҳамиша суянадиган ишонч туйғуси ва албатта, умид ҳақида сўз боради. Асар бош қаҳрамонида ҳам тажрибасига суяниб яшаётган, ишончини йўқотиб қўймасликка ҳаракат қилаётган образни кўришимиз мумкин.
Асар китоб кўринишида 1952 йил сентябрда 50 минг нусхада нашрдан чиқди. 1953 йил май ойида Хемингуэй Пулитцер мукофотига, 1954 йилда эса адабиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди. Шундай қилиб роман ёзувчини дунёга танитди.
Асарнинг сюжетига бироз тўхталсак. Сантьяго исмли чол Кубадаги кичик балиқчи қишлоғида яшайди. Ва балиқчилик билан шуғулланарди. У 84 кундан буён денгизда қолиб кетган, аммо бирор ўлжага эга бўлмаганди. Манолин – чол билан бирга балиқ овлаган бола. Ота-онаси чолни омадсиз санагани учун унга бошқа қайиққа чиқишни буюрган эди. Аммо бола Сантьягони жуда яхши кўрарди.
Хуллас, бу гал чол омадига ишониб денгизга йўл олади. Дастлаб, қаҳрамонимиз кичкина тунец балиғини ушлайди. Сўнг эса жуда катта балиқ қармоққа илинади. Улкан балиқ қайиқни узоққа тортиб кета бошлайди. Чол унинг ёнида Манолин йўқлигидан хафа бўлади, бундай пайтларда боланинг ёрдами жуда асқотарди. Шундай қилиб, чол балиқ билан узоқ «жанг» қилади. Умид ва ишонч уни бир зумга бўлса-да тарк этмайди. Сантьягога ташқи муваффақият етишмаса ҳам, унинг ишонч ва умиди уни олдинга бошлайверади.
Асарда адиб инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқликни, инсониятнинг ҳамиша курашувчанлигини ҳам тасвирлайди. Қисса унинг ана шу жиҳатлари ёрқин кўзга ташланадиган асарларидан. Шундай кураш олдида бораётган ўқувчи беихтиёр асардаги муваффақиятсизликдан оғринмайди, балки инсоннинг олдинга бўлган ишончи уни руҳлантириб бораверади.
Роман 1952 йил 1 сентябрда Life журналида нашр этилган эди. Икки кун ичида журнал беш миллион нусхада сотилишга муваффақ бўлган. Қисса атоқли олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.
Қуйида эса асардан келтирилган иқтибослар билан танишасиз.
- Итоаткорлик руҳи қачондан бошлаб ўз қалбида қўним топгани устида бош қотириб ўтирмоқлик учун чол бениҳоя соддадил эди. Аммо у ўзининг итоатгўй бўлиб қолганини ва бу итоатдан у ўз номуси, инсонлик қадр-қимматини йўқотмаганлигини билар эди…
- Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди…
- — Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркан-а? Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?— Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади…
- Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради…
- Гарчи адолатдан бўлмаса-да, — фикран давом этди у, — мен одам боласининг нималарга қодир эканлиги ва нималарга дош бериб, чидаши мумкинлигини кўрсатиб қўяман…
- Аммо инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган, — деди у. — Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди…
- Умидсизлик — ҳалокат, — деб ўйларди у. — Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто — гуноҳ. Нима гуноҳ-у, нима гуноҳ эмас, деб бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам дунёда бошни қотирадиган нарсалар тўлиб-тошиб ётибди. Тўғрисини айтганда, мен гуноҳ бўлган нарсаларни яхши тушунмайман…