Грузия ҳукумати мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли ҳар қандай турдаги зиёфат, тўй, унаштирув, юбилей ва ҳоказо тадбирларни бутунлай тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ҳукумат администрациясининг раҳбари Натия Мезвришвили махсус брифингда маълум қилган. Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, тақиқ 10 сентябрдан бошлаб кучга киради.
Карантин чекловларининг қайта тикланишига мамлакат ҳудудларидан бирида 500 нафар меҳмон чақириб ўтказилган катта тўй маросимидан кейин коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайгани сабаб бўлган.
Тиббиёт ходимлари ва эпидемиологларнинг маълум қилишича, COVID-19’нинг «тўй кластери» оқибатида бир кун ичида мамлакатда инфекцияга чалинганлар сони 44 нафарга етган ва бу Грузиядаги эпидемия тарихида кузатилган антирекорд. Мамлакат эпидемияга қарши муваффақиятли кураш олиб борган «яшил давлатлар»дан бири ҳисобланади.
Зиёфатлар бериб тартибга риоя қилмаган ташкилотчилар 10 000 лари (3250 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Грузияда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1,7 минг нафардан ошган ва 19 киши касаллик асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Аввал Грузия ҳукумати мамлакатга келувчиларни карантинга олиш муддатини 12 кундан 8 кунгача қисқартиргани, 15 сентябрдан бошлаб мамлакат тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаган Германия, Франция, Латвия, Литва ва Эстония давлатларининг фуқаролари чегарада топширилган ПЗР-тест ҳақидаги маълумотномани тақдим этишлари талаб қилиниши ҳақида хабар берилган.