Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Фарғона вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси Авазбек Ғаниевнинг коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарни рад этди.
Telegram’даги «УзбекCорона» каналида Фарғона вилоятида коронавирус билан боғлиқ ҳолат оғир эканлиги, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси, Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев коронавирусга чалингани ва оғир аҳволда эканлиги ҳақида хабар берилган. Шунингдек, канал томонидан берилган хабарда Фарғона вилоятида коронавирус билан касалланган бир нечта шифокор вафот этгани маълум қилинган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан берилган хабарга кўра, Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ғаниев пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанмоқда.
«Мазкур хабарда вилоятда коронавирус билан оғриган беморлар кўплиги, аммо статистика яширилаётгани ҳақида ёзилади. Бу фикрлар ҳам ҳақиқатдан йироқдир», — дейилади ҳокимлик томонидан берилган хабарда.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда куз фасли бошланиши туфайли аҳоли орасида ўткир респиратор касалликлар ва пневмония кўп учрамоқда. «Ушбу касалликларнинг клиник белгилари ҳам коронавирус билан ўхшашлиги учун ўринсиз миш-мишлар тарқалмоқда. Шундай бўлса-да, грипп ва пневмония билан оғриган касалларнинг барчасидан коронавирусга таҳлиллар олиняпти. Уларда таҳлил манфий чиқмоқда. Бу дегани уларда коронавирус тасдиқланмаяпти», — дея таъкидланади вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.