«Чироқчи воқеаси» бўйича судда гувоҳлик берган ИИБ ходимларининг гапи икки хил чиқмоқда. Бири мол ўғрисига шерикликда гумонланиб қийноққа солинган Қурбон Остоноев учун «противогаз» олинган деса, иккинчиси буни рад этмоқда. Бу ҳақда суд ишида қатнашган «Дарё» мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, Чироқчи туман ИИБ биносида уриб ўлдирилган 32 ёшли фуқаро Юсуф Абдураҳмоновнинг ўлимида айбланган ИИБ ходимлари иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилмоқда.
Марҳум Юсуф Абдураҳмоновга ўғрилик қилишда шерикликда гумонланиб қийноққа солинган Қурбон Остоноев 2020 йил 21—22 январь кунидаги воқеаларни эсга олар экан, ўша куни ИИБ ходимлари уни тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлаганини, Анвар Жонқобилов исмли ИИБ ходими буйруғига кўра Жасур Раҳмонов «противогаз» олиб келиб кийдирган ҳолда қийноққа солганини айтди.
Судда гувоҳ сифатида иштирок этган Чироқчи туман ИИБ ходими Жасур Раҳмонов Қурбон Остоноевнинг гапини рад этиб, ҳеч қандай «противогаз» олиб келмаганини, Қурбон Остоноевнинг қийноққа солингани ёлғон эканини билдирди.
Судда гувоҳликка чақирилган яна бир ИИБ ходими Фарид Ёдгоров эса ўша куни туман ИИБда навбатчи бўлганини, Жасур Раҳмонов исмли ходим ундан бир дона «противогаз» сўраб олганини ва тахминан бир соат ўтганидан сўнг қайтариб олиб келганини айтди. Гувоҳлар гапига ойдинлик киритишга уринган суд ҳайъати ИИБ ходимлари Фарид Ёдгоров ҳамда Жасур Раҳмоновларни юзлаштирди. Бироқ гувоҳлар гапини ўзгартирмади.
Эслатиб ўтамиз, туман ИИБда қийноққа солинган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов ўлими жамоатчиликка маълум бўлгач, «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Қурбон Остоноев «Нурбек исмли ходимдан сўнг ёнимга Анвар дегани келди. У ҳам ҳақорат қилди, урди. Жавобларим маъқул келмадими «противогаз» кийдириб, қийноққа сола бошлади. Худди ёш боладек чаккамга тарсаки туширарди. Ўша куни хона бурчагида қўлимни кўтартириб, турғизиб ҳам қўйишди. Ўзлари эса ухлади», деганди.
Таъкидлаш лозим, «Чироқчи воқеаси»да дастлаб икки нафар ИИБ ходими қўлга олингани хабар берилганди. Кейинчалик эса, аёвсиз калтакланган ота-болага терговчилар томонидан 60 га яқин ИИБ ходимининг сурати кўрсатилган. Ота-бола кўрсатилган расмлардаги ИИБ ходимларининг 13 нафарини таниган. Шундан сўнг вилоят прокуратурасидан Илҳом исмли терговчи марҳумнинг акаси Шуҳрат Абдураҳмоновга укасининг ўлими бўйича 13 нафар ИИБ ходими терговга жалб қилинишини билдирган.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мазкур воқеа сабаб Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Самад Турдиев виждони қийналгани боис ишдан кетганди.
Суд 2020 йилнинг 10 сентябрь куни соат 9:30 га қадар танаффус эълон қилди.
Мавзуга доир:
- Қашқадарёда мол ўғрилигида гумон қилинган эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани айтилмоқда
- Чироқчида бир неча ИИБ ходими қамоққа олинди. Улар одам ўлдиришда гумон қилинмоқда
- «‘Участкавойъларингни қутқариб қолсаларинг, ургани йўқ десаларинг, рози қилади». Чироқчилик ИИБ ходимлари қотилликни яшириш учун гувоҳларнинг оғзини ёпишга уринган
- «Чироқчи воқеаси» ортидан вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари ишдан кетди«Чироқчи воқеаси» бўйича қамоққа олинганлардан бири ИИБ бошлиғи эканлиги айтилмоқда