Андижон ИИБ ахборот хизмати туман-шаҳар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораларидан олинган рўйхатлар асосида тўй ўтказилиши белгиланган хонадон эгалари билан огоҳлантириш профилактик тадбирлари олиб борилганини хабар қилди.
«Никоҳ тузиш учун ариза берган 5 минг 601 нафар ёшларнинг 4 минг 621 нафари ва уларинг ота-оналари билан ўтказилиши белгиланган тўй маросимларида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш, тўйда қатнашувчилар сонини 30 кишидан оширмаслик тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантириш хатлари олинди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, хабарда олиб борилган профилактик тадбирларга қарамасдан фуқаролар томонидан белгиланган чеклов қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилган.
Хабарга кўра 2020 йил 1 августдан 7 сентябрга қадар вилоятнинг Қўрғонтепа, Марҳамат, Асака, Жалақудуқ, Шаҳрихон ҳамда Хўжаобод туманларида ўтказилган жами 11 та тўй маросимларида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-модда 2-қисмига (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) асосан маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда қонуний чора кўриш учун Андижон вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказига юборилган.