Сирдарё вилояти Сирдарё туманида қалбаки 2500 АҚШ долларини 1600 долларга сотишга уринган икки шахс қўлга олинди, деб «Дарё»га хабар берди Бош прокуратура.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг Сирдарё туман бўлимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро О.А. ва А.М. олдиндан тил бириктириб, фуқаро Д.Х.га ҳар бир АҚШ долларини 7 минг сўмдан ҳисоблаб, қалбаки 2 300 АҚШ долларини 1600 АҚШ долларига сотишган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тадбир жараёнида фуқаро О.А.нинг ёнида сотиш мақсадида сақлаб келаётган қалбаки 200 АҚШ доллари борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро О.А. ва А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.