Костюм ва белбоғ комбинацияси қадимдан урф бўлиб келган. Айниқса, эркакларникидек катта бичимдаги кийимлар кийила бошланганда қоматга урғу бериш учун белбоғлардан кенг фойдаланилган.
Harper’s Bazaar’нинг ёзишича, келаётган куз фаслида ҳам белбоғ яна асосий аксессуарга айланиши кутилмоқда. Бу сафар ушбу аксессуар нафақат кўйлаклар билан, балки костюм, кардиган ва мўйнали кийимлар устидан ҳам тақилади. Шунингдек, кийимларга мос белбоғ танлашда қийинчилик бўлмаслиги учун дизайнерлар ажойиб ечим топди. Унга кўра, либосларга мос келадиган аксессуар тўпламга тайёр ҳолда киритилади.
Одатда, аёллар иссиқ ва қалин кийимлар уларнинг қоматини беўхшов кўрсатаётганидан арз қилади. Биргина аксессуар ёрдамида бунинг ҳам ечими топилди. Машҳур брендлар томонидан яратилаётган либослар ва белбоғлар энди қоматни яна гўзал ва хушбичим тарзда кўрсатади.
Белбоғ ҳар қандай турдаги мато билан, ҳаттоки жинси билан ҳам мос тушади. Белбоғ айнан кийим рангига мос бўлиши шарт эмас, аксинча бироз фарқланиб турса ёки умуман бошқа рангда бўлса ажойиб силуэт ҳосил бўлади. Мода намойишларида ушбу аксессуар сумка, шарф ёки оёқ кийим рангига мос ҳолда танланганини кўриш мумкин.
Айтганча белбоғлар фақат чармдан бўлиши шарт эмас. Ҳозирда унинг мато, занжир, арқон ва бошқа кўплаб турлари мавжуд. Одатда занжирли белбоғ кийим танламайди, талаб қилинадигани шуки, фақат унинг ранги тақинчоққа мос келиши керак. Матодан тайёрланган белбоғлар кўпинча кийим рангига ҳамоҳанг тарзда бўлади. Арқонли белбоғлар эса жинси ва шунга ўхшаш матолар билан яхши кўриниш ҳосил қилади.