Франция пойтахти Париж шаҳрида қарийб тўрт ойлик карантиндан кейин Лувр музейи ўз фаолиятини қайта тиклади. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Музей томонидан маълум қилинишича, у 6 июлдан бошлаб ўз фаолиятини қайта тиклади.
Қайд этилишича, ташриф буюрувчилар учун залларнинг 70 фоизи очиқ бўлади. Музей ташриф буюрувчиларни сабрсизлик билан кутаётган бўлса-да, улар юқори санитар хавфсизлик шароитларида қабул қилинади. Хусусан, музейга ташриф буюрувчиларнинг барчаси ҳеч қандай истисносиз музей сайти орқали у ерга ташрифнинг аниқ вақтини кўрсатган ҳолда талон олиши керак бўлади. Музей маъмурияти томонидан таъкидланишича, чипталарни музейнинг ўзида ҳам сотиб олиш мумкин, бироқ бунинг учун етарлича жой бўлиши ва келувчилар оқими кам бўлиши керак.
Шунингдек, ташриф буюрувчилар музейни айланиш чоғида қарама-қарши келиб қолмаслиги учун томоша фақат бир йўналишда ва бир томонга ҳаракат орқали амалга оширилади.
Шу билан бирга, музей ходимлари ва ташриф буюрувчилар ниқоб тақиши ва ижтимоий масофани сақлаши зарур.
Музей директори Жан-Люк Мартинезнинг маълум қилишича, энг яхши ҳолатда музейга ўтган йилнинг ёзидаги ташриф буюрувчиларнинг 20-30 фоизига тенг сайёҳлар келиши кутилмоқда.
Одатда музейга ташриф буюрувчиларнинг 75 фоизини хорижлик сайёҳлар ташкил қилади, 2019 йилда музейга 9,6 миллион киши ташриф буюрган.
Аввалроқ Париждаги Эйфель минораси 3 ойлик танаффусдан кейин сайёҳлар учун очилгани ҳақида хабар берилганди.