Президент Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида «мақтовлар керак эмас»лигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди», — деди Президент.
«Туманларга ўзим боришимнинг сабаби — одамларнинг яшаш шароитларини юрагимдан ўтказиб, аниқ чоралар кўриш, ислоҳотлар узоқ-узоқ жойларда ҳам натижа беряптими, қуйи тизимдаги раҳбарлар садоқат билан, жон куйдириб ишлаяптими, деган саволларга жавоб топиш», — деди у.
Президент бундай учрашув ҳар куни ҳам бўлавермаслигини алоҳида таъкидлаб, йиғилиш қатнашчиларига шундай мурожаат қилган: «Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар».