АҚШда афроамерикалик фуқаро Жорж Флойднинг полиция ходими томонидан арзимас сабаб билан ўлдирилиши туфайли келиб чиққан талатўплар давом этмоқда. Бу воқеа АҚШнинг кўплаб штатларида тартибсизликлар ва комендантлик соатига сабаб бўлиш билан бирга, жамиятда қора танли аҳоли ҳуқуқлари борасида баҳсларни ҳам келтириб чиқарди.
Мавзуга доир:
1950 йилнинг 4 июнь куни ЖАРда бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, апартеид сиёсати амалга кирди. «Дарё» ҳам шу сана муносабати билан, ҳам бугунги дунёда бўлаётган воқеаларнинг ўтмишдаги сабабларига рамз солиш мақсадида ЖАРдаги апартеид сиёсати ҳақида ҳикоя қилади.
Жанубий Африкада ҳокимиятга келган Миллий партия тезда мамлакатда ўз тартибларини ўрната бошлади. Биринчи ва энг катта вазифа мамлакатда апартеид сиёсатини ўрнатиш бўлди. Ҳокимият одамларни оқ, қора ва ранглиларга ажрата бошлади. Бунинг ортидан мамлакатда фақат оқларнинг ҳуқуқлари бор, қолганлар эса ҳуқуқсиз ва камситувчи қонунлар остида яшашга мажбур эди.
Апартеид – расмий ирқий ажратиш сиёсати
1948 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган сайловларда Миллий партия ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Бу бир нарсани англатар эди — мамлакат ҳаётида улкан ўзгаришлар рўй беради. Хусусан, апартеид сиёсати (расмий ирқий ажратиш сиёсати) катта саҳнага чиқди. Биринчи бўлиб, ҳукумат турли ирқлар ўртасидаги жинсий муносабатларни тақиқлайди. Кейинги қадам — аралаш никоҳларни тақиқлаш. Агар бирорта фуқаро ушбу қонунларни бузган деб топиладиган бўлса (никоҳ расмий ёки фуқаролик бўлишидан қатъи назар), унда улар жиноий жазога тортиларди.
Миллий партия 1950 йилда оқ танлилар жамиятида қора танлилар, ҳиндулар ва бошқа рангли одамларнинг мутлақо ўрни йўқлигини белгилади. Аммо ҳукумат бундай кескин қадам ташлашга журъат эта олмасди. Аммо бошқа ирқдагилар учун махсус «ватанлар» (Бантустанлар)ни яратиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди, яъни ўша ажратилган алоҳида ҳудудларда қора танлилар жамияти ташкил этилди. Ушбу бантустанларда яшовчи қора танлилар учун қора, аммо қораларнинг элита қатламига мансуб одамлар бошлиқ қилиб тайинланади. Бантустанларга сургун қилинган тубжой африкаликлар энди махсус рухсатномасиз оқ танлилар яшайдиган ҳудудларга кира олмайди. Рухсатнома олганларга эса оқ танлиларнинг ҳудудларида энг оғир ва ифлос ишларни бажаришга рухсат берилган эди. Агар қора танли одам тақиқланган жойда рухсатсиз юрган бўлса, у ҳолда дарҳол ҳибсга олинган ва суд қилинган.
Халқнинг сабр косаси
Жанубий Африка Республикасининг қонунчилиги бутунлай оқ аҳолининг тарафида бўлган. Қора танлилар деярли ҳамма нарсада камситилар эди. Масалан, автобусларда ўриндиқлар фақат оқлар учун, қора танлиларга ўтириш мумкин эмас, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган касалхоналар ҳам оқлар учун мўлжалланган эди. Бундан ташқари, таълим муассасалари, парклар, пляжлар, театрлар, ресторанлар ва бошқалар ҳам мутлақ оқлар учун ишларди.
Қора танлилар 1960 йилга қадар бу вазиятга кўниб яшади. Аммо кейин сабр косалари тўлди. Биринчи норозиликлар Шарпевиль шаҳрида бўлиб ўтди. Намойишга етти юзга яқин қора танлилар тўпланди. Улар шаҳарларга махсус рухсатномасиз киришни тақиқловчи қонунга қарши норозилик билдиришарди. Табиийки, уларни ҳеч ким эшитмади. 40 сония давом этган тўқнашув натижасида полиция томонидан 69 намойишчи отиб ўлдирилди. Ярадорлар сони 180 кишини ташкил қилди.
Халқаро реакция
Ушбу воқеа дунё ҳамжамиятида эътиборсиз қолиши мумкин эмасди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ЖАР ҳукуматининг ушбу ҳаракатларини танқид қилди ва апартеид сиёсатидан воз кечишга чақирди. Европа давлатлари ва СССР раҳбарлари ҳам бу фикрга қўшилди. Аммо уларнинг ҳаммаси бу қонунни тўхтатишга чақирди, холос, уни қатъийлик билан тақиқламади. Шунинг учун бир кечада вазият ўзгариб қолмади. Жанубий Африкадаги қора танлиларни қўллаб-қувватлаш борасида энг фаоли Совет Иттифоқи бўлди. Советлар апартеид сиёсати билан курашаётган Африка Миллий конгрессига ва шахсан қора норозилик қаҳрамони — Нельсон Манделага ҳар томонлама ёрдам берган.
Қизиғи шундаки, 1950 йилларнинг бошларида БМТ Хавфсизлик кенгаши Жанубий Африкага қурол, ҳарбий техника ва ўқ-дориларни етказиб беришни рад этишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Аммо ЖАР ҳукуматини апартеид учун танқид қилган Европа мамлакатлари — Франция, Германия, Англия ва бошқалар бу мамлакат билан иқтисодий алоқаларни узмади. Иккилик стандартлари вақти келганди. 1977 йилда Жанубий Африкага қурол-яроғ етказиб бериш расман тақиқланганидан кейин ҳам кўпгина давлатлар бунга ўзига хос ечимлар топди. Улар ўз товарларини воситачилар (масалан, Нигерия) орқали етказиб берди ва бунинг эвазига хом ашё ва қимматбаҳо металларни олди. Нафақат Европа мамлакатлари, балки Совет Иттифоқи ҳам ўзини шундай тутди. Большевиклар ҳам арзон қазилма бойлик етказиб берувчисини йўқотишни хоҳламасди.
Соуэто қўзғолони
Расмий равишда қурол етказиб беришнинг тақиқланишига Соуэто шаҳрида 1976 йил бўлиб ўтган қўзғолон сабаб бўлди. 20 мингга яқин қора танли одамлар африкаанс тилини маҳаллий ўқув муассасаларида мажбурий ўқиш тили сифатида киритилишига қарши норозилик билдириб кўчаларга чиқди. Полиция бу сафар ҳам норозиликларни қаттиқ бостирди. Ҳаммаси бўлиб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 176 кишини отиб ўлдирди, мингга яқин одамлар турли даражадаги тан жароҳатларини олди.
Қон тўкилиши маълум бўлганда СССР биринчи бўлиб реакция кўрсатди. «ТАСС» хабар беради:
«Совет Иттифоқи апартеид жиноий сиёсатини қатъиян қоралайди, Жанубий Африка режимини изоляция қилиш ва бойкот қилишга қаратилган самарали чораларни қўллаш, БМТ, Африка бирлиги ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг апартеид ва ирқий камситишни йўқ қилишни талаб қилувчи қарорларини амалга татбиқ этишга чақиради. Африка халқининг тинчлик ва озодлик шароитида яшаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди».
Нельсон Мандела
Аммо СССР ва Европанинг танқидларига қарамай, Миллий партия 1994 йил 9 май куни Миллий Ассамблея Нельсон Манделани Жанубий Африка Республикаси президенти этиб сайлаганига қадар ўз сиёсатини давом эттиради.
Албатта, Нельсон Мандела ҳокимият тепасига тасодиф ёки бирор-бир мўъжиза туфайли келмаган. 1988 йилда АҚШ президенти этиб сайланган катта Жорж Буш «янги демократик риторика»ни эълон қилди. АҚШ Жанубий Африка оқ элитасини қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Тахминан, 20 йил олдин мамлакатга киритилган иқтисодий санкциялар кутилмаганда кучга кирди ва натижа бера бошлади.
Жанубий Африка президенти Фредерик де Клерк вазиятни сақлаб қолиш учун умидсиз ҳаракат қиларди. У ҳатто радикал чоралар кўришга ҳам журъат этди — қора танлиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фаолиятига бўлган тақиқларни олиб ташлади. Бундан ташқари, 1990 йилда у 27 йил қамоқда ўтирган Нельсон Манделани озод қилди.
Қора танлилар орасида бирдамлик йўқлиги сабабли мамлакат деярли хаосга юз тутди. Мандела таклиф қилган конституция зулу этник аҳолисининг ҳуқуқ ҳимоячиларига ёқмади. «Инката» деб номланган бу ҳаракат Мандела ва унинг яқинларини янги диктаторлар деб ҳисоблай бошлади. Вазият ёмонлашди, фуқаролар эса урушга тайёрланарди. Панафрика Конгресси расмийлари апартеид даври учун оқлардан шафқатсиз тарзда қасос олишга — барчасини қириб ташлашга чақириб, оловга ёқилғи сепди. Қора танлиларнинг «Битта фермер — битта ўқ!» деб аталган шиорлари пайдо бўла бошлади. Табиийки, оқлар ҳам жангсиз таслим бўлмоқчи эмасди. Одамлар фаол равишда ўқотар қурол сотиб ола бошлади. Маълумки, 1991—1992 йилларда ЖАРда қурол олиб юришга ҳар куни 500 дан ортиқ лицензия берилган.
1993 йил Кейптаунда бир неча қора танлилар черковга кириб, у ерга йиғилган оқ танлиларга қарата ўқ узди. Бунинг оқибатида 12 нафар оқ танли ҳалок бўлди, яна 72 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Президент Клерк таслим бўлди. У демократик сайловлар ўтказилишини эълон қилди. Ушбу сайловларда эса Нельсон Мандела ғалаба қозонди. Шу билан Жанубий Африка Республикасида бир неча ўн йиллар давом этган апартеид сиёсати барҳам топди. Аммо янги ҳукумат энди оқ танлиларнинг қонига ташна бўлган ташкилотларга эркинлик бера бошлади ва бу ЖАРдаги воқеалар такрорланишига, фақат бу сафар қурбонлар оқ танлилар бўлишига олиб кела бошлади. Бу энди бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.