Кўпинча ғалабаларнинг бор шон-шарафи футболчиларга тегади. Агар «Ювентус» ғалаба қозонса, Роналдуга раҳмат. Агар яна «Барселона» рақибидан устун келса, демак барчаси Месси сабаб. Мураббийлар-чи? Баъзан улар ёдга олинади, баъзида эса йўқ. Аксарият ҳолларда мураббийлар ҳақида жамоа ютқазаётган вақтда гапирилади. Бироқ яхши жамоа малакали мураббийсиз мавжуд бўлолмайди. Мураббийлар тактика, ўз вақтида амалга ошириладиган алмаштиришлар ва шунчаки майдон четидаги харизмага жавоб беради. Муваффақиятли мураббийсиз, муваффақиятли жамоа ҳам бўлмайди. Таъкидлаш жоиз, сўнгги ўн йилликда тактика футболни бутунлай ўзгартириб юборди. «Геген-прессинг», «тики-така», тезкор қарши ҳужумлар... Ҳозир бир жойда қотиб қолмаганларгина ғалаба қозонмоқда. Қуйида айнан ана шундай футболнинг ўзгаришига ўз ҳиссасини қўшган сўнгги ўн йилликнинг энг етук мураббийлари ҳақида фикр юритилади.
Маурисио Почеттино («Эспаньол», «Саутҳэмптон», «Тоттенҳэм»)
Почеттинонинг фаолиятида ягона доғ — бу унинг совриндор эмаслиги. Бироқ уни бемалол замонавий футболнинг том маънодаги тактик кашфиётчиси деб ҳисоблаш мумкин.
Хўш, у нимаси билан ажралиб туради? Агар у қандайдир услубни танласа, ўша услубни клубнинг барча ёш тоифадаги жамоаларига сингдиришга ҳаракат қилади ва ҳатто академия жамоаларининг машғулотларига ҳам ташриф буюради. Почеттино 4-2-3-1 схемасини афзал кўради ва прессингга алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, у мунтазам равишда ёш футболчиларга ишонч билдиради.
Аргентиналик мутахассис «Саутҳэмптон»да Премьер Лигадаги энг яхши натижаларига эришган, бироқ «Тоттенҳэм»да у том маънода машҳурликка эришди. Унгача «шпорлар» кучли тўртликни орзу қиладиган Европа Лигаси даражасидаги клуб эди. У келгандан сўнг эса Лондон клуби Чемпионлар Лигаси финали билан мақтаниши мумкин.
Сўнгги уч мавсумда «Тоттенҳэм» Премьер Лигада «Арсенал»дан юқори ўринларни эгаллади. Бюджет танқислигига ва юлдузли таркиб йўқлигига қарамай, «шпорлар» ҳар қандай рақиб учун қийинчилик туғдира оларди. Почеттино атиги 47 ёшда, унинг порлоқ ва совринли келажаги ҳали олдинда.
Карло Анчелотти («Челси», ПСЖ, «Реал», «Бавария», «Наполи», «Эвертон»)
Карло Анчелотти ушбу рўйхатда Европанинг кучли бешлик лигалари жамоаларини бошқарган ягона мураббий. У барча даврларнинг энг ҳурматга сазовор мураббийларидан бири. Унинг ҳисобида учтадан Германия, Франция ва Англияда чемпионлиги ҳамда Чемпионлар Лигасининг бош соврини бор.
Чемпионлар Лигасидаги ғалабани ҳисобга олмаганда, унинг «Реал»даги фаолияти унчалик ҳам омадли бўлмаган. Бироқ «қироллик клуби» мухлислари ундан норози бўлиши даргумон.
Италиялик мутахассис бошқа жамоаларда ҳам яхши натижаларга эришган: 2010 йилда «Челси» билан чемпионликка эришади (ўша йили жамоа 103 та гол уради ва ўз рекордини ўрнатади), ПСЖ ва «Бавария» билан ҳам мамлакат биринчилигида ғолиб бўлади. «Наполи»да эса унинг омади юришмайди, бироқ бу унинг обрўйига таъсир ўтказмаган.
Юпп Ҳайнкес («Байер», «Бавария»)
Агар Юпп Ҳайнкес фаолиятини якунламаганида, «Бавария» билан нималарга эришмаган бўларди? Ортда қолган ўн йил ичида Юпп Мюнхен клубини атиги уч ярим йил бошқарди, аммо қисқа муддат ичида яхшигина ютуқларга эриша олди. Ушбу рўйхатда кетма-кет икки марта Чемпионлар Лигаси финалига етиб борган уч нафар мураббий бор ва улардан фақат иккитаси требл билан мақтана олади, шулардан бири Юпп Ҳайнкес.
«Реал» собиқ мураббийи 2011 йилгача «Байер»да ишлаган, Леверкузен клуби ўша йилларда Чемпионлар Лигаси ва Бундеслигада ажойиб ўйинлар кўрсатди. Аммо Ҳайнкес айнан «Бавария»да нималарга қодир эканини кўрсата олди: икки мавсумда ҳам Чемпионлар Лигаси финалига чиқди, 2013 йилда эса ғалабани қўлга киритди.
Мослашувчан тактика ва тезкор қарши ҳужумлар туфайли «Бавария» дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирига айланди. Бундай муваффақиятга у Юпп Ҳайнкеснинг иштирокосиз эришиши қийин эди.
Массимилиано Аллегри («Милан», «Ювентус»)
Ушбу авлоднинг энг мослашувчан ва тактик жиҳатдан билимли мураббийларидан бири бўлган Массимилиано Аллегрини бу рўйхатга киритмаслик адолатдан бўлмасди.
Аллегри ўн йилликни «Милан»бошқарувида бошлайди ва биринчи мавсумдаёқ чемпионликни «россонерилар» номига расмийлаштириб қўяди. Бу жамоанинг 2004 йилдан кейинги биринчи скудеттоси эди. Ўша йилларда «Милан» азалий рақиби — «Интер»дан устунликни тортиб олади.
2014 йилда эса Аллегри «Милан»ни тарк этади ва «Ювентус»га устозлик қила бошлайди. Дебют мавсумида Аллегри Турин клубини А Серия ғолибига айлантиради ва Чемпионлар Лигаси финалига олиб чиқади (2003 йилдан кейин илк бор). Афсуски, финалда «Барселона» кучлироқ бўлиб чиқади. Бироқ Аллегрининг тактикаси томошабинлар қалбидан жой олади ва футболда ўз изини қолдира олади.
Аллегри уч йил давомида олтин дублга (А Серия ва Италия Кубоги) эришди. Италиянинг энг яхши мураббийларига бериладиган Panchina d’Oro’нинг тўрт карра ғолиби ҳисобланади. Аллегри сўнгги ўн йилликда А Сериянинг энг яхши мураббийи эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, 55 ёшида футболни тарк этишни режалаштирган. Ҳозир у 52 ёшда ва энг яхши «текин» мураббий бўлиб турибди.
Антонио Конте («Сиена», «Ювентус», Италия терма жамоаси, «Челси», «Интер»)
А Сериянинг яна бир таниқли ва маҳоратли мураббийи Антонио Контенинг резюмесидан бир қанча гранд клублар жой олган.
У фаолиятини қуйи лигада бошлаган. Дастлаб у «Сиена» клубида устозлик қилади. Шундан сўнг ўзининг биринчи жиддий клуби — «Ювентус»да иш бошлайди. Туриндаги биринчи мавсумидаёқ бир марта ҳам мағлубиятга учрамай, чемпионликни қўлга киритади. У А Серия тарихида бундай натижага эришган биринчи мураббий эди.
Унинг жамоаси Италия чемпионатида уч бор чемпионликни нишонлади, ўзи эса худди шунча марта йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. Шунингдек, жамоа бир мавсумда энг кам гол ўтказиб юборган ҳолда, чемпионат рекордини янгилади. Бироқ афсуски, Конте Чемпионлар Лигасида ҳеч нима қилиб бера олмади, шу боис у 2014 йилда вазифасидан озод этилди.
Италия терма жамоасида маълум муддат ишлагач, Конте Англиянинг «Челси»сига йўл олади ва дарҳол Премьер Лигада ғалаба қозонишга муваффақ бўлади. Кейинги мавсумда эса Англия Кубогида ҳам ғалаба қозонади. Бироқ маълум сабабларга кўра Лондонда узоқ қолмайди. Ва 2018- йилда «Интер» бошқарувини қабул қилиб олади.
Конте тактика, ўзгача услуб ва 3-5-2 схемаси билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг жамоалари асосан, ҳимояда яхши ҳаракат қилади. Бу эса Италияда актуал ҳисобланади.
Диего Симеоне («Катания» (Италия), «Расинг» (Аргентина), «Атлетико»)
Диего Симеоне айни пайтда Европанинг кучли бешлик лигаларида узоқ вақтдан бери бир клубда ишлаётган кам сонли мураббийларидан ҳисобланади. У 2011 йилда «Атлетико»да иш бошлаган. У қарийб ўн йилдан бери бир клубда ишлаб келади. Симеоне «Атлетико»ни ўртамиёна жамоа даражасидан Европанинг топ клуби даражасигача олиб чиқа олди.
Симеоне — жаҳон футболидаги энг тажрибали ва зукко мутахассислардан бири эканига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак.
Унинг жамоаларининг ўзига хос хусусияти — ҳимоядаги ихчам ўйин ва тезкор қарши ҳужумлар. Кўпчилик унинг ўйин услубини жуда эҳтиёткор ва антифутбол деб ҳисоблайди, лекин у ўзгалар фикрига умуман аҳамият бермайди.
Симеонегача «Атлетико» кўпчиликка таниш бўлмаган оддий жамоа эди. У келгач эса, жамоа икки марта Чемпионлар Лигасининг финалига қадар етиб борди, икки маротаба Европа Лигасида ғолиб бўлди, «Реал» ва «Барселона»ни ортда қолдириб чемпионликни тантана қилди.
Таъкидланишича, томонлар яқин орада ҳамкорликни тугатишар экан. Тўғри, ҳозир «Атлетико»нинг 2013–14 йилги мавсумдаги шижоати йўқ, лекин тахмин ва миш-мишларга ишонгандан кўра шунчаки, Симеонега қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдириш мақсадга мувофиқ бўларди.
Жозе Моуриньо («Интер», «Реал», «Челси», «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм»)
Кимдир Моуриньони «футболдаги энг катта ярамас» деб атайди, яна кимдир эса ҳаммага нарсага эга бўлган тактик даҳо. У ҳақида қандай фикрда бўлишдан қатъи назар, Жозенинг етук мутахассис эканлиги ҳақида баҳслашиш мушкул.
Футбол тарихида бошқа бундай одам бўлмаган бўлса керак. Моуриньо — прагматик, қандай йўл билан бўлса-да ғалаба қозонишни хоҳлайдиган мураббий сирасига киради. Кимдир унинг такаббурлигига тоқат қила олмаса, яна кимдир унинг аллақайси мураббийлар билан бўладиган доимий низоларини кузатади. Баъзан португалияликнинг жамоаларига қараганда, унинг ўзини кузатиш қизиқроқдек туюлади.
Жозе ўн йилликни «Интер»даги требл билан бошлайди. «Реал» билан Чемпионлар Лигасининг ярим финалига қадар етиб боради. Испания чемпионатида эса «Барселона»дан чемпионликни тортиб олади. Унинг «Реал»и 2011/12 йилги мавсумда бир нечта рекордларни янгилайди: ғалаба қозонилган ўйинлар (32), меҳмондаги ғалабалар (16), кучли бешлик лигалари орасида энг кўп очколар (100). «Қироллик клуби»нинг каталонияликларни 9 очкога ортда қолдириб чемпионликка эришгани ҳам бежиз эмас. Айнан унинг даврида «Реал» азалий рақиби «Барселона»дан устун кела олди.
2013 йилда Моур яна «Челси»га устозлик қила бошлайди. Лондон клуби билан Англия чемпионатида ғолиб чиқади, бироқ кейинги мавсум омадсиз ўтгани учун вазифасидан озод этилади. Унинг «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти ҳам Европа Лигасидаги ғалабани ҳисобга олмаса, ёрқин натижаларга бой бўлмайди.
Айни пайтда Жозе «Тоттенҳэм»ни кучли тўртликка қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
Зинедин Зидан («Реал»)
Европада исталган инсон Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишни орзу қилади. Футбол тарихида атиги уч мураббийгина мазкур мусобақада уч мартадан ғолиб бўлган. Карло Анчелотти муваффақиятини такрорлаш учун 12 йил кутган бўлса, Боб Пейсли тўрт йил ичида муваффақиятга эришади ва бу 40 йил давомида бундай натижани ҳеч ким такрорлай олмайди. Айнан Зидан ушбу рекордни янгилаб, 2016 йилдан 2018 йилгача кетма-кет уч марта ғолибликни қўлга киритади. Бу 1992 йилдан бери ҳеч қайси жамоа ва мураббийга насиб қилмаганди. Бундан ташқари, Зидан халқаро майдондаги ғалабага мамлакат чемпионлигини ҳам қўшиб қўяди.
Танқидчилар францияликнинг жамоа ва таркиб борасида омади келганини айтиб келади. Бу унчалик ҳам ҳақиқатга яқин эмас, таркибнинг қай даражада юлдузли бўлишидан қатъи назар, Чемпионлар Лигасида уч марта ғалаба қозониш осон иш эмас. Бунга ПСЖни яққол мисол қилиб кўрсаца бўлади. Барчаси Зидан ва унинг тактикаси самарасидир.
Зизу рўйхатдаги бошқа мураббийлар сингари, узоқ вақтдан бери ишламаётган бўлиши мумкин, аммо қисқа муддат ичида бошқалар эришолмаган натижаларни қайд этди.
Ҳеч ким Зидан каби юлдузлар билан тил топиша олмайди.
Юрген Клопп («Боруссия Д», «Ливерпуль»)
«Ген-прессинг» услубини яратган инсонни бемалол футбол тарихидаги энг яхши мураббийлар қаторига қўшиш мумкин. У ҳақиқатан ҳам футболни севади. Бунинг устига жудаям ҳазилкаш ва доимо юзидан табассум аримайди. Лекин машғулотларда у ўта талабчан.
У учун ҳаммаси «Боруссия»дан бошланган, Клопп Дортмунд клуби билан икки марта Бундеслигада ғолиб чиқади. 2013 йилда «Боруссия» Чемпионлар Лигаси финалида «Бавария»га тўқнаш келиб, омадсизлик сабаб имкониятни бой бериб қўяди. Дортмундда етти йил ўтказгач, Клопп «Ливерпуль» билан шартнома имзолайди ва «қизиллар»ни бутунлай ўзгартириб юборади.
2015 йилдан бошлаб «Ливерпуль» мунтазам равишда ўйинига қўшиб келмоқда ва айни пайтга келиб Премьер Лиганинг энг кучли жамоасига айланди. 2019 йилда мерсисайдликлар унинг қўл остида Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди, 2020 йилда 30 йилдан бери кутилаётган чемпионликни тантана қилишга яқин турибди.
Клопп прессингни яхши кўради. Унинг жамоалари эса ҳеч қачон ҳимоявий ўйин намойиш этмайди.
Хосеп Гвардиола («Барселона», «Бавария», «Манчестер Сити»)
Ушбу рўйхатдан Гвардиоланинг жой олишига ҳеч кимда эътироз бўлмаслиги табиий. Боиси у нафақат доимий ғалабалари, балки чиройли ўйини билан ҳам мухлислар қалбини забт эта олган.
Каталониялик мутахассис ўн йил ичида ўз ҳисобига олтита лига ва битта Чемпионлар Лигаси кубогини ёздириб қўйди. «Барселона»да ақл бовар қилмас натижаларга эришганидан сўнг «Бавария»ни қабул қилди ва уч бор Бундеслига ғолибига айлантирди.
Шундан сўнг у ўз омадини Туманли Албионда синаб кўришга қарор қилди. Англиядаги дастлабки мавсум муваффақиятли кечмади, бироқ кейинги йилда «Манчестер Сити» унинг қўл остида рекорд даражадаги 100 очко тўплаган ҳолда АПЛ ғолиби бўлишга муваффақ бўлди.
Ундан кейинги мавсумда эса «шаҳарликлар» бир йўла инглизча треблни расмийлаштириб қўйди — Премьер Лига, Англия Кубоги ва Лига кубоги. 2020 йилда Пеп ваниҳоят Чемпионлар Лигасида ғалабани нишонлашга умид қилмоқда. Бу соврин унга Испаниядан кетгандан кейин насиб этиши қийин бўлмоқда.
Барчада бўлгани каби, Гвардиолада ҳам уни ёмон кўрувчилар бор. Уларнинг айтишича, у фақат бой ва таркиб жиҳатдан кучли клубларнигина бошқарар, Моуриньо ва Клопп сингари нисбатан кичикроқ жамоалар билан муваффақият қозона олмас экан. Ким билсин, эҳтимол улар ҳақдир, лекин бу унинг футбол учун қилган хизматларига таъсир ўтказмайди.
Гвардиола тики-така услубини санъат даражасига олиб чиқди, қаерда ишламасин, барча жамоаларини ўзгартира олди ва доимий равишда муваффақиятга эришди.
Рус тилидан Билол Эркин таржимаси
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!