Саккиз йил аввал бедарак йўқолган 17 яшар қизнинг дараги чиқди — у қотиллик қурбони бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилди.
2012 йилнинг 9 сентябрь куни 1995 йилда туғилган зангиоталик Н.Ғ. «Эски Жўва» бозорида йўқолиб қолган. Қизнинг тўсатдан ғойиб бўлиши унинг руҳий носоғломлигига боғланган, бироқ Н.Ғ.ни Т.С. исмли фуқаро номаълум томонга олиб кетгани ҳақидаги қизнинг яқинлари айтган кўрсатмалардан келиб чиқилиб, ўша пайтдаёқ Т.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Аммо ўтказилган дастлабки тергов жараёнида гумондорни айблаш учун етарли далиллар бўлмагани учун жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилганди.
Бош прокуратура масъулининг айтишича, жиноят иши марказий маҳкама томонидан назорат тартибида ўрганилган, унда қотиллик жинояти аломатлари борлиги эътиборидан ишнинг Жиноят кодекси 137-моддасидан 97-моддаси (Одам ўлдириш) 1-қисмига кўра қайта малакалаш тўғрисида қарор чиқарилгунича Шайхонтоҳур туман ИИБда «чанг босиб ётган». Жиноят иши қайта малакаланиб, тергов ўтказиш учун туман ИИБдан Тошкент шаҳар прокуратурасига ўтказилганидан сўнг қисқа вақтда саккиз йил аввал содир этилган жиноят фош этилди. Ўта оғир жиноятни эса аввал гумондор тариқасида ишга жалб этилиб, бироқ етарли далиллар бўлмагани учун жавобгарликка тортилмаган Т.С. содир этган бўлиб чиқди.
Т.С. 1984 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Ёлланма устачилик билан шуғулланиб келган Т.С. 2009 йилда ўзидан қарийб 11 ёш катта, бедарак йўқолган қизнинг онаси зангиоталик Н.У. билан шаръий никоҳдан ўтиб бирга яшаб келган. 2011 йилда йигит сурхондарёлик қизга расман уйланади. Унинг уйланиши Н.У.га ёқмайди, рашк туфайли ўртада жанжал кучайиши оқибатида Т.С.нинг кейинги оиласи бузилиб кетади. Шунга қарамай, Н.У. йигит билан бирга яшамайди, аксинча 2012 йилнинг апрелида ишлаш учун Туркияга кетади.
Т.С. эса алам билан қасд олишни режалаштиради ва Н.У.нинг 1995 йилда туғилган қизининг руҳий носоғломлигидан фойдаланиб, уни алдов йўли билан Паркент туманидаги Н.У.га тегишли дала ҳовлига олиб боради. Ўша ерда уни чойшаб билан бўғиб ўлдириб, мурдасини дала ҳовли ертўласига кўмиб юборади.
Т.С.нинг кўрсатмаларига асосан воқеа жойида текшириш тергов ҳаракатлари ўтказилганда у кўрсатган манзилдан инсон суяклари топилган.
Т.С. қамоққа олинган ва жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Хоразмлик аёл 61 ёшли ўгай отасини ўлдирди