Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий жиҳатдан қўллаб келаётган, ўз ижод намуналари билан ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, ёшлар руҳиятида ватанга хизмат қилишдек муқаддас бурчни шакллантираётган санъаткорларнинг ўрни беқиёс.Афсуски, шундай оғир вазиятда таниқли санъаткор Юлдуз Усмонова томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хизмат фаолиятига бармоқ орасидан қараб, уларни асоссиз танқид қилиши ўта маданиятсизлик ва салбий ҳолат, албатта. Ўз қилмиши билан Юлдуз Усмонова барча ички ишлар органлари ходимларини уятли сўзлар, обрўсизлантирувчи уйдирмалар ва беодоблик билан қасддан ҳақорат қилган.
Асли ҳолатга ойдинлик киритадиган бўлсак, жорий йилнинг 2 майда соат тахминан 21:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани 4-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори лейтенант М. Ортиқжонов шу туманда яшовчи Юлдуз Усмонованинг хонадонига ўттиз нафарга яқин фуқаро Сирдарё вилоятида рўй берган сув тошқинидан жабрланган аҳолига ёрдам бериш мақсадида хайрия учун турли хилдаги озиқ-овқат ҳамда бошқа мол-мулкларни олиб келганликларини кузатган. Ушбу юкни тегишли манзилга етказиб беришга ёрдам бериш мақсадида ҳудудга бириктирилган ППХ ходимлари сержант Д. Ортиқов ва сафдор А. Султоновлар билан бирга юк машиналарига ортишга ёрдамлашиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходими майор Б. Гаппаров бошқарувидаги махсус транспорт воситаси кузатувида Сирдарё вилоятига тўпланиб кетиладиган жой, яъни ‘Туркистон’ санъат саройига кузатиб қўйган.
Шундан сўнг Юлдуз Усмонова ўзининг ёрдамчилари орқали тўпланган юкларни дарҳол, яъни 3 май соат 00:10 ларда ЙҲХБ ходимлари кузатуви остида Сирдарё вилоятига жўнатилишини талаб қилган. Шунда ходимлар Юлдуз Усмоновага Сирдарё вилоятига чиқиш белгиланган тартибда тегишли рухсатнома асосида кундузги вақтда ҳамда уюшган ҳолда амалга оширилишини тушунтиришларига қарамасдан, унинг асоссиз танқидига учраган.
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, ўта маданиятсизлик билан турли ҳақоратомуз сўзларни гапираётган аёлга белгиланган тартибни тушунтиришга уринган ходимлар зиддиятли вазиятни кескинлашиб кетишини олдини олиш мақсадида у билан мулоқотни тўхтатиб, ўз хизмат вазифаларини давом эттирганлар. Шундан сўнг Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқ орқали онлайн тарзда ички ишлар органларини обрўсизлантирувчи, асоссиз ҳақоратлар акс эттирилган видеороликни тарқатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан маданият ходими номига доғ туширган, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган, ички ишлар органлари ходимлари шаъни ва қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилган фуқаро Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Иш якуни бўйича ҳолатга ойдинлик киритилиб, айбдорларга қонуний тартибда чора белгиланади.
Шу ўринда вазиятга холис муносабат билдириб, ички ишлар органлари ходимларининг хизматларига адолат назари билан қараган фуқаролар, маданият вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига миннатдорчилик билдирамиз.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати
4 май куни ижтимоий тармоқда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимлари фаолиятидан норози бўлиб, уларни ҳақорат қилгани акс этган видео тарқалди. Хонанданинг Instagram саҳифасидаги жонли эфирдан ёзиб олинган ушбу видеода Юлдуз Усмонова томонидан милиция ва ЙҲХБ ходимлари шаънига турли ҳақоратли сўзлар ёғдирилган. Ўзбекистон халқ артистининг ушбу қилмиши ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди. Шундан сўнг Юлдуз Усмонованинг яна бир видеомурожаати пайдо бўлди. Видеода хонанда «улуғ айём кунларида ички ишлар ходимларидан дилини оғритгани учун» кечирим сўради. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ушбу видео юзасидан баёнот берди.