Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 5 май, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Уларнинг барчасига биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилмоқда. Сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси ишламоқда.
«Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча масалалар ҳал қилинмагунча Сирдарёга бириктирилган ҳар бир раҳбар кучайтирилган сафарбарлик режимида ишлайди», — деди Президент.
«Бу ҳудудлардаги одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш керак. Уларга янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратиб беришимиз шарт, деб ҳисоблайман», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.
Қайд этишларича, бугунги кунда қатор маҳаллаларда кенг қамровли тозалаш-тиклаш ишлари амалга ошириляпти, натижада 53 мингдан зиёд аҳоли ўз уйларига қайтиши ёки яқин қариндошлари уйига кўчиб ўтиши таъминланган.
«Такрор айтаман, давлатимиз, жамиятимиз ҳеч кимни бундай кутилмаган фалокатлар қаршисида ёлғиз ва эътиборсиз қолдирмайди», — деди Президент.
Мавзуга доир: