Ўзбекистон ҳукумати Сардоба сув омборидаги фалокат оқибатида қўшни мамлакатда юз берган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишда қозоғистонлик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 5 май, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Афсуски, Сардобадаги офат натижасида биз билан чегарадош бўлган ён қўшнимиз — Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Мақтаарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босди. Биз Қозоғистон президенти, ҳурматли Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олдик. Куни кеча Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев бошчилигидаги делегация воқеа жойида бўлиб, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди.Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз. Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жуда ҳам хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз.
Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади. Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Мавзуга доир:
- Қозоғистон ТИВ: Сув тошқини юзасидан Ўзбекистонга нота юборилмайди
- Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани очмоқчи — ўзбекистонлик мутахассислар тошқин оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериши учун
- Громов: Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари қўнғироқ қилиб, сув Қозоғистонга ўтмаслигини таъкидлаган эди
- Қозоғистон ҳукумати вакили: Ўзбекистон Сардоба сув омборининг қурилишини биз билан келишмаган