Коронавирус Хитой лабораторияларида пайдо бўлгани тўғрисидаги баёнот спекулятив ҳисобланади. Бу ҳақда ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури раҳбари Майкл Райанга таяниб, New York Post хабар берди.
«Биз АҚШ ҳукуматидан вируснинг келиб чиқишга оид бирор-бир маълумотларни ёки аниқ исботларни олмадик. Бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, бу (коронавирус Хитойда сунъий усулда яратилгани тўғрисида) спекулятивлигича қолмоқда», — дейди Райан.
Унинг қўшимча қилишича, ЖССТ АҚШ томонидан коронавирус борасида берилган ҳар қандай маълумотни диққат билан ўрганмоқда.
«Бу каби маълумотлар пайдо бўлса, Америка ҳукумати у билан бўлишиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак, бироқ ЖССТ бундайин ахборот вакуумида ҳаракат қилишга қийналмоқда», — дейди Райан.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп коронавируснинг Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан келиб чиққанлигидан далолат берувчи маълумотларга эга эканлигини маълум қилганди. Апрель ойининг ўрталарида эса АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни тўхтатган эди.
Мавзуга доир: Трамп: «Хитой коронавирус борасида катта хато қилди»