АҚШда коронавирус пандемияси оқибатида 134 мингдан ортиқ одам вафот этиши мумкин. Бу ҳақда Вашингтон штати университети ҳузуридаги Соғлиқни ўлчаш ва баҳолаш институти ҳисоб-китобларига таяниб, CNN хабар берди.
Мазкур ҳисоб-китоблар экспертларнинг бундан олдинги прогнозларидан икки баробарга кўп, демак. COVID-19 қурбонлари сонининг ошиши айрим Америка штатларининг иқтисодиётини сақлаб қолиш мақсадида карантин чораларини сусайтиргани фонида мамлакат аҳолисининг ҳаракатчанлиги ошгани билан боғланмоқда.
Институт профессори Али Мокдаднинг сўзларига кўра, прогнознинг ёмонлашувига бир неча сабаблар бор.
«Улардан бири — муддатидан олдин инсонларнинг хотиржамликка берилиб, ижтимоий масофаланишга риоя қилмаган ҳолда ҳаракатчанлигининг ошиши. Биз Ўрта Ғарбдаги касаллик ўчоқлари туфайли кўплаб ўлим ҳолатлари қайд этилишини тахмин қилмоқдамиз», — дейди Мокдад.
Олимнинг қўшимча қилишича, COVID-19’нинг эпидемиологик вазияти ва ўлим ҳолатларига турли омиллар таъсир кўрсатмоқда — об-ҳаво, аҳолининг зичлиги, тестдан ўтказиш имконияти. «Энг муҳим омил одамларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиши», — дея аниқлик киритади Мокдад.
Аввалроқ АҚШ администрацияси 1 июнга бориб COVID-19’дан вафот этган мамлакат фуқароларининг сони икки баробар кўпайишини тахмин қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп 3 май куни АҚШда коронавирусдан вафот этувчилар сони ҳақидаги прогнозида кўрсатган рақамни каттароғига алмаштирган. У аввал 60-65 минг атрофида одам касалликдан ўлади деган бўлса, Fox News’га берган интервьюсида вафот этганларнинг сони 75-100 мингга яқин бўлишини тахмин қилган.