Сардобадаги сув тўғонининг ёрилиши оқибатида Қозоғистоннинг Мақтаарал туманидаги яна бир аҳоли яшаш пункти — Оргебас сув остида қолгани хабар берилган эди. Қозоғистонлик амалдорлар Ўзбекистонни сув тошқини доирасини камайтириб кўрсатганликда айбламоқда.
Tengrinews’нинг хабар беришича, Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкаманов Facebook’даги жонли эфир чоғида «Ўзбекистон биз томонга бир томчи сув ҳам оқмаётганига ишонтирганди, лекин сув Мақтаарал туманига оқиб келишда давом этмоқда», — деб айтган.
«Нега улар кеч эвакуация қилинди, чунки Ўзбекистон томони бизни расман ишонтирди. Бизда кечки соат 20 да вазият барқарорлиги ва ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳақида Ўзбекистон томон билан ёзишмалар турибди. Сув Туркистон вилоятига, Мақтаарал туманига келиши ҳақида фикрлар йўқ эди.
Шунга қарамай, кўрадиганимизни кўрдик. Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Туркистон вилояти ҳокимига сув оқими тўхтаганини таъкидлаганди. Шунга қарамай сув нега ҳали ҳам келишда давом этаётганини билмаймиз. У Ўзбекистондан бир томчи сув ҳам Мақтаарал туманига чиқмаётганини, тошган сув сатҳи 45 сантиметргача тушганини ишонч билан айтганди. Бизнинг каналлар ва коллекторларда эса унинг сатҳи ҳар соатда ўртача 10-20 сантиметрга ошмоқда», — деган у.
Шунингдек, туманда қурбонлар ва катта талафотлар бўлмаслиги учун барча ҳаракатлар амалга оширилаётганини қўшимча қилган.
Аввалроқ Сардобадаги тўғон ёрилиши туфайли Қозоғистонда минглаб аҳоли эвакуация қилингани хабар берилган эди. Сардобадаги тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилганди. Туркистон вилояти ҳокимлиги бунинг оқибатида Мақтаарал вилоятининг чегара коллекторлари сув билан тўлгани, сув оқими секундига 180 кубометр бўлгани туфайли коллектордан сув тошиб, Жанажол қишлоқ округига қарашли Женис ва Энбекши қишлоқ округига қарашли Жанатурмис шаҳарчасида сув тошқини юзага келганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)