АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш учун ниқоб тақиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Трамп буни мавқейига тўғри келмаслиги билан изоҳлади, деб хабар беради ABC News телеканали.
«Бу шунчаки тавсия. Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Шунчаки бу ишни қилишни истамайман. Кабинетда буюк ‘Резолют’ столи қаршисида ниқоб таққан ҳолда ўтириб, президентлар, бош вазирлар, диктаторлар, қирол ва қироличаларни қабул қилиш… Билмадим, бу мен учун эмас», — дейди Америка етакчиси.
Трамп кейинчалик ўз фикрини ўзгартириши мумкинлигини ҳам таъкидлаб ўтган. Шунингдек, у коронавирус пандемияси тезроқ тугашига умид билдирган.
Дональд Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида тиббий бўлмаган материалдан тикилган ниқобларни тақишни тавсия этган. Трамп ушбу тавсияга исталган одам риоя қилиш мумкинлигини таъкидлаган. Унинг айтишича, тиббий ниқоблардан беморлар билан ишлаётган шифокорлар фойдаланиши керак.
«Сўнгги тадқиқотлардан маълумки, касаллик белгилари бўлмаган одамлардан вирус юқиши эпидемия тарқалишида катта рол ўйнамоқда. Шу муносабат билан Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази соғлиқни сақлашнинг қўшимча ихтиёрий чораси сифатида юзни тиббий бўлмаган матолар билан ҳимоя қилишни тавсия қиляпти», — дейди Трамп.
Аввалроқ Оқ уй президент Трамп коронавирусга қайта тест топширганини маълум қилган эди — унда коронавирус аниқланмаган.
Мавзуга доир: АҚШ Хитой томонидан коронавирусга оид тақдим этилаётган маълумотларни тасдиқлай олмаслигини маълум қилди