Коронавирус юқтириб олишда гумонланган бухоролик фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Қувват Ярашов хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 19 март куни Москва—Тошкент йўналишидаги поезд орқали Ўзбекистонга келган 30 ёшли фуқаро Р.Ш. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган божхона чегара постидаги текширувда коронавирус касаллигига чалинганликда гумонланган. Фуқаро зудлик билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Болалар марказий касалхонасининг карантин бўлимига ётқизилган.
Бироқ Р.Ш. тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузиб, ўзбошимчалик билан 21 март куни шифохонадан қочиб кетган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида фуқаро Р.Ш. ўзи туғилиб ўсган Шофиркон туманида қўлга олинган. У карантинда сақлаш учун Шофиркон туман марказий касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимининг махсус хонасига жойлаштирилган ва айни пайтда алоҳида қўриқлов остига олинган.
Ҳолат юзасидан 21 март куни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Р.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва ушланган.
Жиноят иши юзасидан шу куннинг ўзида вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан иш юритувга олиниб, тергов гуруҳи тузилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, 11,1 миллион сўмдан 22,3 миллион сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агарда бир неча одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Изоҳ (0)