Сешанба, 3 март куни, ўтказилган Қашқадарё вилоят ҳокимлигидаги кенгайтирилган йиғилишда Зоир Мирзаев Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоси ва Яккабоғ туманидаги фермер ишчилари ўртасидаги низоларга муносабат билдирди. Бу ҳақда Nasafnews хабар бермоқда.
«Иш фаолиятимизнинг кўп қисми ҳокимлар ва раҳбарларни тартибга чақириш билан ўтиб кетяпти. Миришкорнинг зўравон ҳокими ўз хатти-ҳаракати билан вилоят номига доғ туширди. Бирор бир ҳокимда яхши ташаббус кўрмаймиз, одамларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида улар таклиф ҳам бермайди. Афсуски, замон ўзгараётганини сиз раҳбарлар сезмаяпсизлар», — деган у.
Зойир Мирзаев, шунингдек, Яккабоғдаги фермер ишчиси аёллар устига керосин сепиб, ёқиб юборишга уриниши билан боғлиқ ҳолатни раҳбарларнинг уқувсизлиги билан боғлаган ва туманнинг айрим мутасаддилари адолатсиз қарор чиқарганини танқид қилган.
Йиғилишда вилоят ҳокими Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг хатти-ҳаракати Регламент ва одоб комиссияси ва депутатлар иштирокида муҳокама этилиши лозимлигини ҳам айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга тегишлилиги айтилаётган аудиоёзувда ҳоким йиғилиш иштирокчиларини пул тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани, шунингдек, баъзиларни ургани эшитилган.
Мазкур аудиоёзув бўйича вилоят ҳокимлиги муносабат билдириб, қонуний равишда чора кўрилиши, «Нега оддий халқ хато қилса, жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса, кечирим?» каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдори эканлиги билдирилган.
Шунингдек, Расул Кушербаев ҳам Миришкор ҳокими ишига муносабат билдириб, «Ким бўлишидан қатъи назар тубан инсон эканлигини намоён этибди», деб айтган.
Ҳоким Бахтиёр Ражабовнинг ўзи эса «Дарё» мухбири билан бўлган мулоқотда ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз унга тегишли эканлигини тан олиб, «Сўкканим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим», деган.
Аввалроқ Миришкор тумани собиқ ҳокими Равшан Комилов дала майдонидан маккажўхори олаётган отахонни ҳақоратлагани учун танилган ва кейинроқ бу иши учун узр сўраган эди. Мазкур воқеадан кўп ўтмай Равшан Комилов ўз лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига амалдаги ҳоким Бахтиёр Ражабов тайинланган. Мазкур тайинловгача вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр Ражабовга сўнгги имконият берилган эди.