Теҳрон коронавирусга қарши курашда Россиядан ёрдам сўради. «РИА Новости»нинг хабар бершича, бу ҳақда Эроннинг Россиядаги элчиси Козим Жалолий маълум қилган.
Унинг айтишича, Эрон нафақат Россиядан, балки бошқа барча мамлакатлар, шу жумладан, «ҳамфикр» давлатлардан гуманитар ёрдамни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Аввалроқ АҚШ коронавирусга қарши курашда Эрон ҳукуматига ёрдам таклиф қилган, Теҳрон эса Вашингтоннинг бу ёрдамини рад этиб, уни тарғибот иши деб ҳисоблаганди.
«Бутун дунё учун эпидемияга айланган ва кўплаб давлатларда тарқалган коронавирусга қарши курашда кескинлик ва халқаро ҳамкорлик зарур, кўз-кўз қилинадиган ҳаракатлар эмас», — деган ўшанда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Мусавий.
Хабарда айтилишича, 29 февраль, шанба куни, Эроннинг Бендер-Аббос шаҳрида маҳаллий аҳоли коронавирусга чалинган бир неча киши олиб келинган касалхонани ёқиб юбормоқчи бўлган.
Айни пайтда Эрон касалликка чалинганлар сони бўйича Хитой (80 151), Жанубий Корея (4335) ва Италия (2036)дан кейинги ўрин эгаллаб турибди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 1,5 минг киши коронавирусга чалинган, 66 киши вафот этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тахмин қилишича, Эронда касалланганлар сони ҳозиргача маълум ҳолатларга қараганда анча кўп бўлиши мумкин.
Умумий ҳисобда дунёда 90 370 киши коронавирусга чалинган.