Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Ўзбекистон бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Президент Шавкат Мирзиёев 28 февраль, жума куни, шу ҳақдаги фармонни имзолади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 27 февраль, пайшанба куни, Ўктам Барноевни бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масаласини кўриб чиққан эди. Янги лавозимга тайинлангани муносабати билан, Президент фармонига мувофиқ, Ўктам Барноев Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди.
Ўктам Барноев (1964 йилда туғилган) 1997—2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000—2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.
2002—2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004—2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005—2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган.
Шунингдек, 2007—2008 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари, 2008—2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими, 2011—2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилда «Ўзагрокимё» компанияси бошқаруви раиси лавозимларида фаолият олиб борган. У 2016 йил декабридан бери Бухоро вилоятига ҳокимлик қилиб келаётган эди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)