Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси бўйича фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланаётган Аҳмад Турсунбоев (Аҳмадбой) алданган одамларнинг пулларини қай тарзда қайтариши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда «Qalampir.uz».
«Ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Фуқаролар, Худо хоҳласа, пулларини олади. Насиб қилса, 12 минг жабрланган фуқароларнинг ҳаммасига пуллари қайтарилади. Улар пулларини пропорционал тартибда олади. 10 миллион сўм пул берган одамга 2 миллион сўм қайтарилади. Пропорционал, яъни 20 ёки 30 фоиздан. 30 фоиз бўлса, 3 миллион сўм олади. 20 фоиз бўлса, 2 миллион сўм. 100 миллион сўм берган одам 30 миллион, 20 фоиздан ҳисобланса, 20 миллион сўм олади. Фуқароларнинг пуллари шу тариқа пропорционал тарзда тақсимлаб берилади.Кўпчилик ўзи қанча пул берганини билади, лекин суд ёки тергов жараёнига келган вақтида терговчига ростини айтмайди. «Қанча пул бергансиз?» деб сўралса, 3 минг доллар бўлса «4 минг ёки 5 минг доллар берганман» дейди. Аксарият одамлар ёлғон гувоҳлик бермоқда. Терговчи ёки судья уларнинг айтганига ишонмоқда. Айрим фуқаролар ростини гапиришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Жараёнга келганда оғзига келган пулни айтиб, аниқ эслолмаслиги ҳақидаги важни келтирмоқда», — деган Аҳмад Турсунбоев.
Аввалроқ «Аҳмадбой иши» бўйича жабрланганларга пулларини қисман қайтариш бошлангани ҳақида хабар берилган эди.