Ўзбекистонда илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Унга кўра илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Республикада фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини шакллантиришга Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул этиб белгиланмоқда.
Вазирликнинг бу борадаги асосий вазифалари қаторига илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти даражаси, илмий-тадқиқот ишлари сифати, илмий-инновацион фаолият натижаларини тавсифловчи маълумотлар базасини тизимли асосда шакллантириш, жаҳондаги етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, рейтинг натижалари асосида республика илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти тўғрисида таҳлилий ахборот тайёрлаш ва ҳар йили рейтинг натижаларини Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш кабилар киритилган.
Тегишли вазирликлар ва идораларнинг масъул таркибий бўлинмалари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари томонидан рейтингни аниқлашга доир маълумотлар тўпланади, таҳлил қилинади ҳамда ҳар йили 1 февралга қадар Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.
Илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг илмий-инновацион фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, илмий ходимларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва технологияларни тайёрлашга замин яратиш рейтингни аниқлашнинг мақсади ҳисобланади.