Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қарор лойиҳасига кўра, мазкур марказлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман (шаҳар)ларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда, «Оила» марказининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳузурида ташкил этилади.
Марказларни ташкил этишдан кўзланаётга асосий мақсад никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўқитишдан иборат.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини молиялаштириш Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси, маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомийлар ва халқаро ташкилотлар грантлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Марказдаги ўқув курсларида қатнашган тингловчиларга курс якунида сертификат берилади.
ФҲДЁ органлари томонидан никоҳга кириш учун ариза берган шахсларга марказларда бепул ва ихтиёрийлик асосида ўқишлари мумкинлиги тўғрисида маълумот бериш режалаштирилмоқда.