2019 йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган «Жиҳотчилар» диний-экстремистик оқимининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу шахсларнинг бир неча нафари муқаддам мазкур оқим фаолиятига алоқадор бўлганлиги боис жазо муддатини ўтаб чиққан. Бироқ улар яна жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, «Жиҳодчилар» оқими ғояларини тарқатган ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган.
Шунингдек, улар ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, жиноят содир этишга чорлаган, дейилади вазирлик хабарида.
Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда олиб қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, «Жиҳодчилар» оқими ғояларида кишилар онгидан миллий урф-одатларни йўқ қилиш, қабристон ва зиёратгоҳларга боришни ман этиш, барча қонун-қоидаларни фақат Қуръон ва шариат асосида ўз талқинларида бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд сиёсий тузумни ағдариб ташлаш ва шариатга асосланган давлатни қуриш акс этган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Адлия вазирлиги сайтида экстремистик ва террористик ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилиб борилади.
Изоҳ (0)