Бош прокуратура томонидан Гулнора Каримовага нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят ишлари қўзғатилишига халқаро юридик компаниядан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.
Аниқланишича, Гулнора Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» АЖларининг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган.
Гулнора Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Жиноят ишлари бўйича тергов давом этмоқда.
Изоҳ (0)