Яккабоғлик тадбиркор, туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаевга бензин сепиб ёқиб юборган Баҳриддин Исомовнинг дўкони бузилмайдиган бўлди. Етказилган моддий эса зарар суд орқали ундирилади. Бу ҳақда «Дарё»га тадбиркорнинг ўғли Шарофиддин Даминов маълум қилди.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев яккабоғлик тадбиркор Баҳриддин Исомов ва туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев ўртасидаги можарони ечиш учун бугун, 27 июль куни Яккабоғ туманида бўлиб турибди.
Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизовнинг хабарига кўра, Зафар Рўзиев эрта тонгдан Яккабоғ туманининг «Эски Яккабоғ» қўрғончасида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашган. Яккабоғлик тадбиркорлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг бузилган дўкони учун компенсация пули тўланмаётгани хусусидаги муаммо ва мурожаатларини тинглаган.
— Бугун тушгача давом этган мулоқотда вилоят ҳокими 30 га яқин дўкони бузилган тадбиркорларга бузилган дўкони ёнида бўлиб туришларини, бузиб ташланган дўкон ёнига шахсан ўзи бориб, компенсация пули ҳисобланиб, тўлаб берилишини назоратга олишини билдирди, — дейди Бозор Азизов.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Зафар Рўзиев тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ҳамда фарзанди Шарофиддин Даминов билан алоҳида тартибда мулоқот ўтказган.
Айтилишича, вилоят ҳокими туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев ҳақида гапирмаган. Аммо тадбиркорнинг дўкони ўз ўрнида қолишини, тадбиркорга етказилган зарар суд тартибида ундирилиши лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек ҳоким туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар ўртасида юзага келган тушунмовчилик ва англашилмовчиликларга чек қўйиш мақсадида, «Обод қишлоқ» дастури бўйича олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунтирган.
Тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, тадбиркорлар талаби қондирилган.
Изоҳ (0)