Финляндия президенти Саули Ниинисте 6 октябрь куни Турку шаҳрида бўлиб ўтган китоб ярмаркаси залида жой етишмаганлиги натижасида зинада ўтириб қолгани сабабли журналистлар эътиборига тушди, деб ёзади Big Pikcha.
Маълум бўлишича, Ниинисте тенг ҳуқуқлилик мавзусидаги мунозараларда қатнашаётган рафиқаси — шоира Йенни Хаукиони тинглаш учун келган. Аммо тадбир бўлиб ўтаётган хонада у учун жой топилмаган, шу сабабли президент бошқа кўпчилик қаторида зинага ўтирган.
Давлат раҳбарининг зинада бемалол ўтиргани акс этган суратлар интернетда шов-шувга сабаб бўлди. Финляндияликлар бундай ҳолат фақат уларнинг мамлакатида юз бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ниинистенинг ўзи ўз хатти-ҳаракатини оддий қулайлик билан изоҳлади. «Ҳаммаси оддий — зинада ўтириш қулай. Бошқа тингловчилар туриб кетмоқчи бўлса, ёнингиздан бемалол ўтиши мумкин», — деб ёзди президент Twitter’да.