Абхазия бош вазири Геннадий Гагулия 8 сентябрь куни кечки пайт ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот котиби Диана Зантария маълум қилди, дея хабар беради Sputnik-Абхазия.
«Биз бу маълумотни тасдиқлаймиз. Авария Псоу-Сухум йўлида, Мюссер пости яқинида соат 23:00 атрофида рўй берди», — деди Зантария.
Геннадий Гагулия президент Раул Хаджимба бошчилигидаги Абхазия делегацияси таркибида расмий ташриф билан Сурияда бўлган ва Сочи аэропортидан қайтаётганди.
Ҳукумат кортежига келиб урилган ВАЗ машинаси ҳайдовчиси Хаджарат Тарсман наркотиклар таъсирида бўлгани билдирилмоқда. ЙТҲда бош вазирнинг ҳайдовчиси ва тансоқчиси омон қолган ҳамда касалхонага етказилган.
70 ёшли Геннадий Гагулия жорий йил апрель ойида бош вазир этиб тайинланган, бунгача икки муддат— 1995—1997 ва 2002—2003 йилларда ҳам Абхазия ҳукуматини бошқарганди.