Респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 56,8 фоиз жамиятда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Буни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, жамиятда коррупция мавжудлигини шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда кўпроқ таъкидлаган.
Тадқиқотда қатнашганларнинг 76,3 фоизи фикрича, мазкур иллат ҳамма жойда эмас, балки жамиятнинг айрим соҳаларида бор. Масалан, респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси (31,4 фоиз) турибди.
Сўровда иштирок этганларнинг ҳар тўртинчиси ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.
Сўров давомида коррупциянинг сабаблари ҳақида сўралганда респондентларнинг 64,4 фоизи уни ҳуқуқий, 51 фоизи иқтисодий, 46,3 фоизи ижтимоий, 45,8 фоизи ахлоқий муаммо сифатида кўрсатган.
Сўралганлар фикрича, фуқаролик жамияти кенг миқёсда ривожланмагани, жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилмагани, ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги каби муаммолар коррупциянинг турли идоралар фаолиятида кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.