Сурия армиясининг аскарлари ва шиа кўнгилли аскарлари Бу-Кемал шаҳридан 30 километр жанубда жойлашган Ироқ чегарасига — ИШИД террорчилик ташкилоти жангарилари жойлашган сўнгги таянч нуқтага етиб борди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
Маълумотларга кўра, қўшинлар чегара ҳудудида жойлашган Аккаш нефть конига яқинлашмоқда. Аввалроқ, улар «Т-2» нефть насослари станциясини эгаллаган эди.
Ироқ ҳарбий-ҳаво кучларининг вертолётлари Бу-Кемал шаҳрига яқинлашаётган Сурия қисмларига ёрдам кўрсатмоқда. Ироқ армияси томонида туриб курашаётган «Ал-Хашд аш-Шаабий» бўлинмаси террорчилар гуруҳини ўққа тутиб, уларнинг Ироқ ҳудудига беркинишига йўл қўймаяпти.
3 ноябрь куни Ироқдаги кучлар Сурия билан чегарадош, Бу-Кемал қаршисида жойлашган Ал-Қаим шаҳрини озод этган эди. Ҳозирда улар ИШИДнинг Рава шаҳридаги таянч нуқтасига қарши операциялар ўтказмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.