Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов пойтахтдаги тўй ва маъракаларни ихчамлаштиришга киришди, деб хабар берди «1news.uz».
Шаҳар ҳокими фармойиши билан тасдиқланган тартибномага кўра, эндиликда ўтказиладиган тадбирларда диний мавзудаги маъруза кўзда тутилган бўлса, фақат дин соҳаси вакили, имом-хатиб томонидан маъруза қилиниши шарт қилиб белгиланди.
Янги тартибга мувофиқ, ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳланувчи ёшлар ариза топшириш вақтида яшаш жойларидан, маҳаллалардан маълумотнома олиш талаб қилинади. Никоҳ фақат рўйхатдан ўтган имом-хатиб томонидан ўқилади.
Эндиликда никоҳ тўйларида хонадонлардан одоб-аҳлоқ қоидаларига, саҳна маданиятига ва ташқи кўриниш маданиятига қатъий риоя этилиши ҳам талаб қилинган.
Янги тартибда келинларга қимматбаҳо чет эл мебеллари, гиламлар ва бошқа жиҳозларнинг бўлғуси қайноналар томонидан талаб қилишига чек қўйилган.
Шунингдек, сепга келинлик одоби, куёвнинг оилавий ўрни ҳақидаги адабиётлардан қўшиш сўралган. Қиз томони берадиган ошни фақат яқин қариндошлар (200 кишидан оширмаслик) ўртасида ўтказиш талаб қилинган.
Янги тартибга мувофиқ «қовурдоқ», «чаллар» ва «қуда чақириш» маросимлари бекор қилинган.
Мучал тўйи ва ақиқа маросимини ўтказмаслик сўралган.