Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти сифатида қасамёд қилди. Бу ҳақда Олий Мажлисдаги манба «Дарё»га маълум қилди.
14 декабрь, чоршанба куни Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Хабар беришларича, мажлисни Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очиб берган.
МСК раиси Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевга Президент гувоҳномаси ва Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширган.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси ва Қуръони Каримга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилди. Қасамёддан сўнг, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.
Аввалроқ, 9 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси (МСК) Ўзбекистон Президенти сайловининг якуний натижаларини расмий тарзда эълон қилган эди. Унга кўра, ЎзЛиДеПдан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 88,61 фоиз овозини қўлга киритиб, сайловда ғолиб чиқди.
Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддасига кўра, Президент Олий Мажлис йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади: «Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»(@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)