Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида 20 октябрь, сешанба куни Марказий Осиёда биринчи БМТ экобоғи яратилди. «Газета.uz»нинг хабар беришича, боғ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 70 йиллиги шарафига ташкил этилган.
Экобоғни яратишда БМТ доирасидаги 12 агентлик ва дастурни ўзида бирлаштирган БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида меҳнат қилувчи 200 дан ортиқ ходим қатнашди, уларга Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмак берди.
ЎзАнинг ёзишича, экологик акция доирасида 400 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчати экилди. Кўчатларнинг ҳолатини ўзининг агрономлари ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мутахассислари бор Миллий боғ маъмурияти назорат қилиб боради.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Ўзбекистонда яшил ҳудудларни кенгайтириш, ташландиқ ерларни обод қилиб, экобоғлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда мамлакатнинг турли ҳудудларида ташкил этилган, умумий майдони қарийб 120 гектардан иборат 25 дан зиёд экобоғга 30 минг мевали ва манзарали кўчат экилган.
Изоҳ (0)