Бугун, 16 июль тонгида ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчиси Абдулҳамидулло Расуловлар Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатидан қайтиб келди, дея хабар беради Sports.uz.
Тошкент халқаро аэропортида ҳакамларни кутиб олиш учун уларнинг оила аъзолари, футбол жамоатчилиги, журналистлар ва мухлислар ҳозир бўлди.
— Ўзбекистонимизга соғ-омон етиб келганимиздан хурсандмиз. Биз жаҳон чемпионатида бошқарган умумий ўйинларимиз сонини тўққизтага етказиб рекорд ўрнатдик. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам», деб биз ёшларга айтган шиорининг амалдаги ифодасидир. Жаҳон чемпионати ўйинларида биз ана шу сўзларни доимо ёдимизда тутдик. Ҳар бир ўйин олдидан Ўзбекистонлик мухлисларнинг дуоларини ҳис қилиб турдик. Жаҳонда Ўзбекистон футболининг обрўсини кўтаришга уриндик. Финал олдидан ҳам кўпчилик бизнинг чиқишимизни кутган эди. Буни билиб турардик. Бироқ, вазият ўзгариб қолди. Лекин, бу нарса бизни ўз устимизда янада қаттиқроқ ишлашга ва навбатдаги жаҳон чемпионатида ўз орзуимиз сари ҳаракат қилишга ундайди. Барчага раҳмат, — деди Равшан Эрматов.
— Мен ҳам Равшаннинг фикрларига қўшиламан. Мен учун бу биринчи жаҳон чемпионати. Тўрт йил аввал ўзбек ҳакамлари жуда юқори савияни намойиш этишганди ва бу сафар биз ана шу юқори савияни сақлашга ҳаракат қилдик. Жаҳон чемпионати бу жуда катта тажриба мактаби бўлди. Бизни қўллаб-қувватлаб турган инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман, — деди ФИФА рефери ёрдамчиси Абдулҳамидулло Расулов.
Изоҳ (0)