2014 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги Қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни ЎзА сайтида эълон қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ўз сайтида хабар берди.
Президент қарорида таъкидланишича, мазкур қарор «юртимизда мўътабар аёл зотига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, баркамол хотин-қизлар авлодини вояга етказиш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июнда қабул қилинган ‘Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаъги фармонига мувофиқ қабул қилинган низомга асосланган».
Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича кўзда тутилган 14 та мукофот ўрнига 2014 йил учун истисно тариқасида 16 та мукофот бериладиган бўлди.
Мазкур йилда Сурхондарё ҳамда Хоразм вилоятларидан истисно тарзда икки нафар қиз мукофот билан тақдирланган.
Президент Қарорига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилади.
Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилади (4 млн 805 минг 250 сўм).
Эслатиб ўтамиз, Зулфия номидаги Давлат мукофоти 1999 йил 10 июнда таъсис этилган бўлиб, ҳар йили анъанавий тарзда мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун берилади.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари бўлган мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари танлаган йўналишлари бўйича олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинадилар.
Давлат мукофоти дастлаб 25 ёшгача бўлган қизларга берилиши назарда тутилган бўлса, 2006 йилдан бошлаб 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган қизларга берилиши белгилаб қўйилган.
2014 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар:
- Жолдасбаева Айжамал Махсетбай қизи – Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси
- Абдумуталлибова Ойдиной Камолиддин қизи – Андижон педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг 3-босқич ўқувчиси
- Намозова Моҳинур Бобировна – Бухоро туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси
- Холбекова Ёқутхон Назарқосим қизи – Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси
- Нодирова Мафтуна Рустамовна – Қарши давлат университетининг 4-босқич талабаси
- Қосимова Зария Ўктамовна – Навоий вилояти Зарафшон компьютер технологиялари коллежининг 1-босқич ўқувчиси
- Усубжанова Шоҳсанам Азамжон қизи – Наманган вилояти Косонсой туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси
- Олимова Дурдона Олим қизи – Самарқанд шаҳридаги Сиёб тиббиёт коллежининг 1-босқич ўқувчиси
- Холжигитова Дилбархон Баходир қизи – Гулистон давлат университети қошидаги 1-академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси
- Баротова Лутфия Абдусаттоп қизи – Сурхондарё вилояти Термиз қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси
- Юсупова Нилуфар Қодир қизи – Сурхондарё вилояти Термиз санъат коллежининг 3-босқич ўқувчиси
- Абдулхакимова Севара Одил қизи – Тошкент вилояти Ангрен ахборот технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси
- Мамадибрагимова Динорахон Муҳаммадрайим қизи – Чирчиқ олимпия захиралари коллежининг 2-босқич ўқувчиси (Фарғона вилояти)
- Атажонова Гуляр Комилжон қизи – Урганч давлат университетининг 3-босқич талабаси
- Роминова Насиба Тохир қизи – Хоразм вилояти Хива туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси
- Хакимова Хуршида Сарвар қизи – Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 122-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси
Изоҳ (0)